Ўзбекистонда илк бор Қашқадарёда сайёр тергов ўтказиш автомашинаси ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органларининг жиноятларни тергов қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 18 апрель кунидаги 2898-сонли қарори асосида ҳамда мамлакатимизда жорий йил “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни  қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилиниши муносабати билан Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан сайёр тергов ва суриштирув ўтказиш махсус автомашинаси ташкил этилди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қашқадарё вилоятининг ер майдони кенг, чўл ва тоғли ҳудудлардан иборатлиги, олис ҳудудлардан шаҳар марказигача 100, айрим аҳоли яшовчи қишлоғлардан эса 150 чақирим масофадан иборатлиги, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларни, процесс иштирокчиларини ортиқча оворагарчилик ҳамда турли ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида ҳудудларнинг ўзида сайёр тергов ва суриштирув ўтказиш учун махсус автомашина ташкил этиш асос қилиб олинди.


Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати
Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашинага зарур бўлган барча эҳтиёт қисмлар ўрнатилиб, тўлиқ таъмирланди. Автомашина ички “салон” қисмида ўрнатилган ўриндиқлар олиб ташланиб, терговчи ҳамда процесс иштирокчилари ўтиришлари ҳамда тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун юмшоқ мебель ва столлар ўрнатилиб мустаҳкамланди.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашина тўлиқ онлайн тизим асосида ишлаб, автомашина ичида ўтказилаётган тергов ҳаракатларни масофадан туриб исталган ҳудуддан  назорат қилиш ва кузатиш имконияти яратилган.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашина ички қисми тўлиқ ташқи шовқинларни камайтирувчи қопламалар билан қопланди (шум изолация), ички ва тепа қисмлари чарм билан ўралган.

Шунингдек, эксперт криминалист жавони ташкил этилиб, эксперт ходимлари томонидан бармоқ изини идентификация қилиш, тадқиқотлар ўтказиш учун зарур бўлган барча криминалистик анжомлар жойлаштирилиб, эксперт кириминалист ходимлар томонидан автомашина ичида дактолоскопия, трассалогия ҳамда хатшуностлик экспертизалар ўтказиш ва хулосалар тайёрлаш имконияти ва шароитлар яратилган.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Автомашина ичида тергов ва суриштирув ходимлари томонидан, барча далилларни баённомада қайд этиш, процесс иштирокчиларини сўроқ қилиш, юзлаштириш, нарса буюм ва шахсни таниб олиш, кўрсатувларни ҳодиса содир этилган жойда текшириш, барча йўналиш бўйича экспертиза тайинлаш, экспертиза текшируви учун намуналар олиш, гувоҳлантириш, эксперимент ўтказиш, олиб қўйиш ёки тинтув ўтказиш тергов ҳаракатлари, процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, жиноят ишида гумон қилинувчи ва айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиш, айбланувчиларга нисбатан эҳтиёт чораларини қўллаш, ҳамда жиноят ишини Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 372-моддаси тартибида тамомлаш мумкин.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ Матбуот хизмати

Шунингдек, оғир ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилганда ҳодиса содир бўлган жойга тергов-тезкор гуруҳи таркибида чиқилган иштирокчиларга қулайликлар яратиш билан бирга терговчи томонидан махсус автомашина ичида жиноятларни иссиқ изидан фош этишга қаратилган дастлабки тергов ҳаракатлари, экспертизалар ўтказиш, зарур бўлган мутахассис фикри ва хулосалар олиш имкониятлари беради. Бу эса, ўз навбатида, жиноятларни сифатли ва холис тергов қилиш ҳамда айбдор шахслар доирасини аниқлашда муҳим ўрин эгаллайди.

 





Сайт материалларидан фойдаланганда Қашқадарё
вилояти Ички Ишлар веб сайтига манба
сифатида кўрсатилиши шарт.

Обуна бўлиш

Сайт янгиликларидан биринчи бўлиб хабардор бўлишни истасангиз сайт янгиликларига обуна бўлинг