Автотранспорт воситаларига ва тиркамаларига (ярим тиркамаларига) рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш

    Хизмат номи

    Автотранспорт воситаларига ва тиркамаларига (ярим тиркамаларига) рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш.
(Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш, яроқсиз ҳолга келган, шикастланган ёки бузилганлари ўрнига янги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш.)

    Хизматнинг сохага тегишлилиги

    Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва уни ташкил этиш.

    Хизматдан фойдаланувчилар тоифаси

    Давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар.
    Жисмоний шахсларга қарашли:
    Жисмоний шахсларга қарашли транспорт воситалари уларнинг доимий турар-жойларига, доимий турар-жойи бўлмаган тақдирда вақтинчалик турар-жойларига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ муомала лаёқатига эга бўлган фуқаролар номига рўйхатдан ўтказилади.
    Автотранспорт воситалари 18 ёшга тўлган, мототранспорт воситалари 16 ёшга тўлган, мототранспорт воситалари эса 16 ёшга тўлган шахслар номига рўйхатдан ўтказилади (лоторея ва шунга ўхшаш бошқа оммавий ўйинларда ютуққа чиққан, васиятнома ва қонун билан белгиланган тартибда мерос асосида ўтган автомототранспорт воситалари бундан мустасно).
    Республикада ташқарига ўқишга, ишга, ҳарбий хизматга, узоқ муддатли хизмат сафарига кетган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ёзма аризалари асосида уларга қарашли транспорт воситаларини уларнинг розилиги билан қариндошларнинг турар-жойларига, шунингдек, эгасининг аввалги турар-жой майдони яшаш учун унинг номида сақланиб қолган бўлса, аввалги турар-жойига рўйхатдан ўтказиш учун рухсат этилади.
    Айрим сабабларга кўра транспорт воситасининг эгаси рўйхатдан ўтказиш бўлимларига кела олмаса, транспорт воситаси эгасининг вакили томонидан нотариал идораларидан берилган ишонч қоғози ва қонуний сотиб олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
    Транспорт воситаларини ҳарбий хизматчилар номига рўйхатдан ўтказиш турар-жойга рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ички ишлар органи ёки уй-жой ажратилганлиги тўғрисида ҳарбий қисм томонидан берилган маълумотномаларга асосан амалга оширилади.
    Юридик шахслар:
   Транспорт воситалари юридик шахслар амалда яшаётган манзилда рўйхатдан ўтказилади. Агар маҳаллий ҳокимиятларнинг қарорларида кўрсатилган бўлса, корхоналарга қарашли транспорт воситаларини уларнинг юридик шахс ҳисобланмаган филиаллари, бир тизимдаги бошқа бўлим ва бўлинмалари жойлашган эрда транспорт воситасини ижарага олган корхона жойлашган эрда рўйхатдан ўтказишга рухсат этилади. Бундай ҳолларда қайд этиш гувоҳномасида транспорт воситаси эгасининг номи, унинг манзили ва қўшимча равишда транспорт воситаси турадиган жой кўрсатилади.

    Хизматни кўрсатувчи ИИВнинг бўлинмаси

    Транспорт воситаларини қайд этиш Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари ДЙҲХХ бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма) (кейинги ўринларда РИБ деб аталади) лари, туманлараро рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлим (бўлинма) (кейинги ўринларда ТРИБ деб аталади) лари томонидан амалга оширилади.

    Ҳужжатлар

  • Хизматни кўрсатиш учун керак бўладиган ҳужжатлар (нусхалар сони)
  • ДЙҲХХ органларида юридик ёки жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эгаси (корхона) нинг ёзма аризаси ҳамда қонуний сотиб олинганлигини, рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган йиғимлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатдан ўтказилади.
  • Юридик шахслар транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини тақдим этадилар.
  • Янги ташкил этилган автохўжаликларни рўйхатдан ўтказиш вақтида транспорт воситаларини сақлаш учун этарли жой майдони (гараж, автосарой) мавжудлиги ёки бундай жой ижарага олинганлиги ҳақидаги шартномадан нусха, ҳудудий ДЙҲХХ органи томонидан шу жойнинг кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги даллолатнома тақдим этилади.
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида махсус жиҳоз ва мосламалар ўрнатилган ёки конструкциясига ўзгартиришлар киритилган транспорт воситаларини рўйхатга олишда унга асос бўладиган ҳужжатларга қўшимча равишда қайта жиҳозлаган завод (корхона) томонидан берилган ҳужжатлар (паспорт, қабул қилиш-топшириш далолатномаси) ҳамда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДЙҲХХ бошқармалари томонидан берилган конструкциясининг ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига мослиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси тақдим этилади.
  • Мустақил равишда тайёрланган транспорт воситаси унинг чизмаси, конструкциясининг ҳаракатланиш хавфсизлиги талабларига жавоб бериши ҳақидаги хулоса, ИИВ ДЙҲХХ бошқармасининг рухсати ва агрегатларнинг қонуний харид этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида рўйхатга олинади.
  • Транспорт воситасининг Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази томонидан бепул ёки имтиёзли шартларда берилган гувоҳномасига «Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларининг рухсатисиз ҳисобдан чиқарилмайди» деб ёзиб қўйилади.
  • Ногиронлар томонидан бошқариладиган транспорт воситаларига қўл бошқаруви мосламасини, «Ногирон» белгисини ўрнатиш ногироннинг ёзма аризасига мувофиқ рухсат этилади ва бу ҳақда қайд этиш гувоҳномасига ёзиб қўйилади.
    Хизматни кўрсатишни ҳуқуқий асоси

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 26 майдаги 256 сонли «Автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва уларнинг ҳисобини олиб бориш, миллий давлат рақами белгиларини бериш ва уларни алмаштириш ишларини тартибга солиш ҳақида»ги Қарори.

    Муддатлар ва тўлов

    Хизмат нархи ва тўлаш тартиби

    1. Автотранспорт воситаларига рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари (кейинги ўринларда РЎДРБ деб юритилади) учун - энг кам иш ҳақининг 1,5 баравари миқдорида;
    2. Мототранспорт воситалари, мотороллерлар ва тиркамалар (ярим тиркамалар) учун - энг кам иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида;
    3. Транзит РЎДРБ учун - энг кам иш ҳақининг 25 фоизи миқдорида;
    4. Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир жуфт РЎДРБ ўрнига янги РЎДРБ бериш учун - энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида;
    5. Яроқсиз ҳолга келган, бузилган ёки шикастланган бир дона РЎДРБ ўрнига янги РЎДРБ бериш учун - энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида.
    Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2011 йил 21 декабрьда 2303 сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2011 йил 23 ноябрьдаги 174 сон буйруғи

    Изоҳ:

  • йўқотилган РЎДРБлар ўрнига янгисини бериш учун белгиланган тўлов ставкасининг 3 баравари миқдорида ундирилади;
  • йўқотилган эски намунадаги давлат рақам белгилари ўрнига янгисини бериш учун белгиланган тўлов ставкасининг 2 баравари миқдорида ундирилади;
  • транспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда РЎДРБларни сақлаб қолиш учун белгиланган тўлов ставкасининг 50 фоизи миқдорида ундирилади;
  • Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари томонидан ногиронларга имтиёзли шартларда берилган транспорт
  • воситасига РЎДРБларни бериш учун тўлов ундирилмайди.

    Хизматни кўрсатиш тартиби

    Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сотиб ёки қабул қилиб олинганда ва ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш лозим бўлганда, транспорт воситасининг техник ҳолатидан қатъи назар, 10 кун мобайнида жойлардаги ДЙҲХХ органларига мурожаат этилиши шарт.
    Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари, шунингдек автомототранспорт воситаларини ихтисослаштирилган савдо корхоналари ва кимошди савдолари орқали сотиш шартномаси (баённомаси) бир вақтнинг ўзида автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказган ва ҳисобдан чиқарган ҳолда сотиб олувчининг яшаш жойидаги (турган жойидаги) ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилиши керак.
    Нотариуслар томонидан тасдиқланган автомототранспорт воситалари билан боғлиқ ишончномалар, уларни бошқа шахсга бериш ва ижарага бериш шартномалари нотариал тартибда тасдиқланган вақтдан бошлаб 10 кун мобайнида рўйхатга олиш (ҳисобга қўйиш) учун тақдим этилади. Ишончномаларни ва ижара шартномасини ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда, тўлов ундирилмасдан амалга оширилади.




Сайт материалларидан фойдаланганда Қашқадарё
вилояти Ички Ишлар веб сайтига манба
сифатида кўрсатилиши шарт.

Обуна бўлиш

Сайт янгиликларидан биринчи бўлиб хабардор бўлишни истасангиз сайт янгиликларига обуна бўлинг